БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ резолюциясини қабул қилди
БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни босқичма-босқич тўхтатиш режасидан иборат резолюциясини қабул қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ушбу режа аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден томонидан баён этилган эди. 15 та мамлакатдан 14 таси уни ёқлаб овоз берди. Россия бетараф қолди.
Исроил ва Фаластиннинг “ҲАМАС” радикал ҳаракати ўртасидаги сулҳ режаси учта босқични ўз ичига олади. Биринчиси иккала томоннинг ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатишини, анклавдаги аҳоли пунктларидан Исроил қўшинларининг олиб кетилишини, “ҲАМАС” жангарилари томонидан ушлаб турилган асирларнинг озод этилишини ва Исроилда ҳибсда сақланаётган фаластинликларга айирбошланишини кўзда тутади.
Иккинчи босқичда қолган асирлар қўйиб юборилиши, Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудларидан тўлиқ олиб кетилиши кутилмоқда. Агар иккала томон ҳам рози бўлса, ўт очишни тўхтатиш муддатсиз бўлади. Учинчи босқичда эса, резолюцияга мувофиқ, анклавни қайта тиклаш бошланади. Резолюция, шунингдек, Ғазодаги ҳар қандай ҳудудий ва демографик ўзгаришларни рад этади.
Шарҳлар