АҚШ Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларидаги компанияларга қарши санкциялар жорий этди
АҚШ Савдо вазирлиги ўз веб-сайтида Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларидаги айрим компанияларга нисбатан экспорт чекловлари жорий этилгани ҳақида рўйхатни эълон қилди. Бу ҳақда DW хабар беради.
Ушбу рўйхатга Россиядан уч компания, Хитойдан олти компания ва БААдан икки компания киритилган.
Бу қарор ушбу компанияларнинг Россия Украина билан олиб бораётган урушда, шунингдек, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Яман ҳутийларининг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлар уюштиришда фойдаланаётган Shahed дронларини ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмларни харид қилишдаги иштирокларига кўра қабул қилинган.
«Бундай фаолият АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатлари ва ташқи сиёсатига зид келади», – дея таъкидланади АҚШ Савдо вазирлигининг қарорида.
Россиянинг «Аэросила», «Дельта-Аэро» ва «ОДК-Стар» каби компаниялари ҳам дронларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган аэрокосмик қисмлар сотиб олиш тармоғини ташкил этишда иштирок этгани учун қора рўйхатга киритилган.
Хитойнинг Shenzhen Jiasibo Technology компанияси ҳам чекловларга дучор бўлди. АҚШ Савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу компания Shahed дронларига қисмлар етказиб беришда иштирок этган.
Бундан ташқари, АҚШ маълумотларига кўра, Хитойнинг ҳарбий модернизациясида сунъий интеллект чипларини етказиб беришда иштирок этган бир қанча Хитой компанияларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилган. Хитой ўз компанияларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун жавоб чораларини кўришини маълум қилди.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларидаги иккита компания АҚШ томонидан Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиб, товарларни экспорт қилгани учун чекловларга дучор бўлди.
Шарҳлар