Пентагон Украина учун қурол ишлаб чиқариш бўйича 6 млрд долларлик шартномаларни тайёрламоқда
АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Америка корхоналари билан 6 миллиард долларга қурол ва техника ишлаб чиқариш бўйича шартномалар имзолашни режалаштирмоқда, деб ёзади Politico. Нашр маълумотларига кўра, шартномалар бугун, 26 апрель куниёқ тасдиқланиши ва эълон қилиниши мумкин.
Етказиб беришлар Patriot ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ва NASAMS зенит-ракета мажмуалари учун ўқ-дорилар, артиллерия ўқ-дорилари, учувчисиз учар қурилмалар ва уларга қарши кураш воситалари, шунингдек, “ҳаво — ҳаво” синфидаги ракеталарни ўз ичига олиши тахмин қилинмоқда. Бироқ аниқлик киритилишича, ушбу қуролларни етказиб беришга бир неча йил кетади, чунки уларни ишлаб чиқариш учун шунча вақт керак.
Пентагон газета хабарини изоҳлар экан, Украинага хавфсизлик соҳасида ёрдам тақдим этилиши юзасидан айтиладиган ҳеч қандай гап йўқлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Сенати 24 апрель куни Украинага 61 миллиард доллар ажратилишини маъқуллади. Ўша куниёқ бу қонун лойиҳаси Америка президенти Жо Байден томонидан имзоланди. Пентагонда аниқлик киритишларича, қуролнинг бир қисми Украинага яқин кунларда Польшадан етказилади.
Шарҳлар