АҚШ Украинага Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун ўзининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланишга рухсат берди
АҚШ ҳукумати Украинага Американинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан «агар улар Украинага хавф туғдирса», Россия ҳудудидаги ракеталар ва қирувчи самолётларни йўқ қилиш учун фойдаланишга рухсат беради. Бу ҳақда Жо Байден маъмуриятидаги амалдорлардан бири The Washington Post нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилган.
Шу билан бирга, Вашингтон Киевнинг ядровий ракета учирилишидан огоҳлантириш тизимининг бир қисми бўлган Россия радиолокация станцияларига ҳужумларидан хавотирда, дея таъкидлайди нашр манбалари.
Сўз 23 ва 26 май кунлари Краснодар ўлкасидаги Армавир ва Оренбург вилоятининг Орск шаҳри яқинидаги радиолокация станцияларига дронлар ҳужуми ҳақида бормоқда. Бу зарбалар учун жавобгарлик Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси зиммасида, деб ёзади газета.
АҚШ маъмурияти Украина қуролли кучларининг Россия баллистик ракеталарини эрта огоҳлантириш объектларига ҳужумлари беқарорлаштирувчи таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди. WP суҳбатдошларига кўра, бу объектлар Россия-Украина урушига жалб қилинмаган ва уларга ҳужум «Вашингтон ва Москва ўртасидаги стратегик барқарорликка путур етказиши мумкин».
“Ҳаммага аён бўлиши керакки, Қўшма Штатлар Россияга қарши ядро қуролидан фойдаланиш ниятида эмас. Аммо, шубҳасиз, Россия ўзининг олдини олувчи имкониятлари нишонга олинаётгани ва эрта огоҳлантириш тизимларига ҳужум қилинаётганини қандай қабул қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор”, — дейди АҚШ расмийси.
Украина ҳукуматидаги манба, ўз навбатида, WP нашрига Россия ушбу радарлардан Украина жанубида Украина Қуролли кучларининг ракета ва дронлари учирилишини кузатиш учун фойдаланганини айтди.
Шарҳлар