АҚШ Исроилни Эронга қарши туришда қўллаб-қувватлашга ваъда берди
АҚШ Исроилни Эрон ва унинг малайлари томонидан бўлаётган таҳдидларга қарши туришда қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант билан телефон орқали музокаралар чоғида маълум қилган, деб ёзади “РИА Новости”.
“Давлат котиби Блинкен АҚШ Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади”, — деди Давлат департаменти расмий вакили Мэттью Миллер. Унинг қўшимча қилишича, суҳбат чоғида вазир ва давлат котиби Ғазо секторида ушлаб турилган асирларни озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган.
Айни пайтда Исроил яқин кунларда Эрон томонидан тўғридан-тўғри ҳужум бўлишини кутмоқда. 1 апрель куни Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берган, оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг икки нафар генарали ва яна беш аъзоси ҳалок бўлган эди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳужумини қоралаб, уни халқаро ҳуқуқларнинг қўпол равишда бузилиши деб атади. Шунингдек, Эрон жавоб реакцияси кўрсатиш ва “тажовузкорни жазолаш” борасида қарор қабул қилишини билдирди.
10 апрель куни Эрон диний етакчиси оятуллоҳ Али Хоменеий Теҳрон дипломатик миссияга ҳужумни “Эрон ҳудудига берилган зарба” деб баҳолаётганини ва шу сабабли, Исроил “жазоланиши шарт”лигини маълум қилди.
Аввалроқ Агар БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Дамашқдаги Эрон элчихонасига берилган зарбасини қоралаб чиқса, Эрон жавоб зарбаси беришдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ислом республикасининг ташкилотдаги миссияси маълум қилган эди.
Шарҳлар