АҚШ Раисийнинг ҳалокати туфайли учинчи жаҳон уруши бошланишидан хавфсирамоқда
АҚШ маъмурияти ходимлари Эрон президенти Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт қулаганидан кейинги илк соатларда қидирув-қутқарув операцияси ва Теҳроннинг реакциясини “хавотир билан” кузатиб борган, деб ёзади Politico.
Уч нафар юқори мансабли амалдорнинг сўзларига кўра, маъмуриятдагилар ушбу ҳалокат Яқин Шарқдаги вазиятни қандай ўзгартириб юбориши ва Эрон унда кимни айблаши ҳақидаги саволларни ўзларига берган. Баъзилар Теҳрон авиаҳалокатга АҚШ ва Исроилни алоқадор қилиши мумкин, хусусан, Вашингтон ва Тель-Авив вертолётни ишдан чиқарган, деб айтиши мумкин, дея тахмин қилган. Суҳбатдошлардан бирининг айтишича, қайсидир вақтга келиб, “Наҳотки учинчи жаҳон уруши шу тарзда бошланади?” — деган савол мантиқсиз бўлмай қолган.
Шу билан бирга, илк разведка маълумотлари ҳалокатга ноқулай об-ҳаводан бошқа омил сабабчи бўлганини тахмин қилиш имконини бермаяпти. Аммо Эрон махсус комиссияси ҳодисанинг аниқ сабабларини ўрганиб чиқади, парвознинг об-ҳаво ва техник шароитларини белгилайди.
Шунга қарамай, Жо Байден маъмурияти Теҳрон “фаразли айбловлар”ни илгари суришидан, натижада Исроил билан алоқалар кескинлашишидан хавфсирамоқда.
Шарҳлар