Кучли ёмғирлар сабабли Бирлашган Араб Амирликларини сув босди: фото ва видео
Саудия Арабистони ва БААда кучли ёмғир туфайли сув тошқинлари содир бўлди, дея хабар беради The National ва Khaleej Times нашрлари. Машҳур курорт шаҳри бўлган Дубайда об-ҳаво шароити туфайли денгиз ва ҳаво қатнови тўхтатилган, айрим ҳудудларда транспорт муаммолари юзага келган. Мактаблар ва давлат идоралари масофавий ишлашга ўтган.
Фото: khaleejtimes.com
Дубай ҳукумати сув босган йўлларни тозалаш учун барча чораларни кўраётганини айтди. Ишчилар кўп қаватли уйларнинг ерости автотураргоҳларига сув тошқини олдини олиш учун қум қопларини ҳам жойлаштирмоқда. Автотураргоҳлар ва ҳатто бир қанча уйлар сув остида қолган. Ёмғир пайтида кўплаб автомобиллар сувда қолиб кетган ва уларни эвакуаторлар қутқармоқда.
Шу билан бирга, Миллий метеорология маркази кун охирига қадар ҳар хил жадалликдаги ёғингарчилик бўлиши, шунингдек, чақмоқ чақиши ва момақалдироқ бўлиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантиради. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари аҳолини автомобиль ҳайдаш ва кўчада эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.
Фото: khaleejtimes.com
Бундан ташқари, Рас ал-Хайма аҳолиси об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли ер ўпирилиши содир бўлишидан огоҳлантирилди. Ўпирилиш Эмирейтс-роудга олиб борувчи кўчада содир бўлган.
Шарҳлар