,

Араб мамлакатлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича режа ишлаб чиқди

Фото: Reuters

Араб мамлакатлари янада кенгроқ режа доирасида Ғазо секторида ўт очишнинг тўхтатилиши ва гаровдагиларнинг озод қилинишини таъминловчи ташаббус устида ишламоқда. Ушбу режа Тель-Авив Фаластин давлатини тузиш бўйича “ортга қайтариб бўлмайдиган” чора-тадбирларни қабул қилишга рози бўлган тақдирда, унга, муносабатлар, хусусан, Саудия Арабистони билан алоқалар нормаллашувини таклиф қила олган бўларди, деб ёзади “РБК”.

NBC News ғарблик дипломатга таяниб хабар қилишича, айни пайтда бир ой ва ундан ҳам узоқроқ давом этувчи “гуманитар танаффус” ҳақидаги таклиф кўриб чиқилмоқда, у бутунлай ўт очишнинг тўхтатилишига уланиб кетади. Дипломатга кўра, дастлабки танаффус натижасида кўпроқ гаровдагилар озод этилади. Бошқа манбалар айтишича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроил бош тортаётган доимий ўт очишни тўхтатишга кафолат бўлмасдан туриб битимга рози бўлишдан бош тортмоқда.

Юқори лавозимли арабистонлик мансабдор маълум қилишича, араб мамлакатлари режани бир неча ҳафта ичида тақдим этишга умид қилмоқда. Араб расмийлари ушбу режани АҚШ ва Европа ҳукуматлари билан муҳокама қилган, ташаббус Ғарб мамлакатларининг Фаластин давлатини расман тан олиш ёки фаластинликларга БМТга тўла ҳуқуқли аъзолик тақдим этилишини қўллаб-қувватлашга розилигини ўз ичига олади.

Саудия Арабистони ва Исроил ўтган йил охиригача ўз муносабатларини яхшилашни режалаштирган эди, аммо ҲАМАС  октябрь ойида Исроилнинг жанубий ҳудудларига ҳужум қилгани туфайли, Ғазо секторида жанговар ҳаракатлар бошланиб кетганидан кейин, Ар-Риёд бундан бош тортди. Саудия Арабистони умуман олганда, воқеаларнинг бундай ривожига қарши эмаслигини билдирган. Бироқ Ар-Риёд Тель-Авивдан фаластинликлар учун Фаластин давлати яратилиши бўйича имтиёзларга эришмоқчи.

Аввалроқ Исроил фаластинликларни геноцид қилиш айбловини рад этган ва ҳимояланишга ҳуқуқи борлигини билдирган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.