Арманистон Хавфсизлик кенгашининг котиби Россия Тоғли Қорабоғни “қўлга киритиб”, уни Озарбайжонга берганини билдирди

Фото: aysor.am

Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Россия Тоғли Қорабоғни “қўлга киритиб”, уни Озарбайжонга берганини билдирди. Бу ҳақда у журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади “Арменпресс”.

“Бу биз бутунлай Россияга қарам бўлганимизда содир бўлди. Россия келди, Тоғли Қорабоғни биздан олди, Озарбайжонга қайтарди, кейин кетди, бор ҳақиқат шу. Мен Россия Тоғли Қорабоғни босиб олганини таъкидлайман”, — деди Григорян.

Унинг фикрича, “Россиянинг рухсатисиз” 2020 йилда Қорабоғда 44 кунлик уруш бўлмасди, натижада Боку минтақанинг қарийб ярмини назорат остига олди, қолган қисмида эса Россия тинчликпарвар кучлари жойлашган.

“Арманистон бутунлай Россияга қарам бўлганида, бизда уруш бўлмаганми? Бизда уруш бор эди. Айтайликки, биз шу пайтгача ана шу мавжуд вазият туфайли урушда эдик. Биз бу ўзгаришлар орқали барқарорликка эришишга ҳаракат қилдик ва бу ўзгаришлар барқарорлик олиб келишига ишончимиз комил”, — деди у мамлакат ташқи сиёсати векторидаги ўзгаришлар ҳақида гапирар экан (News.am иқтибос).

Григорян, шунингдек, Арманистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик 96 фоиздан 10 фоизга тушиб кетганини даъво қилмоқда. У қайси давр ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади, фақат «бу Россиянинг қарори ва танлови» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия “қурол ва ўқ-дориларни етказиб бермасликка қарор қилган ва улар ҳозиргача етказиб бермаяпти”.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февралида Арманистон КХШТдаги иштирокини “музлатиб қўйганини” айтди. Май ойи охирида у 2020 йилда Тоғли Қорабоғда Озарбайжон билан урушга тайёргарлик кўришда КХШТга кирувчи икки давлат иштирок этганини айтди. Politico нашри 2018-2022 йилларда Беларусь Озарбайжонга ҳарбий ёрдам берганини ёзганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.