Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини “музлатиб қўйди”
Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 каналига берган интервьюсида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини “музлатиб қўйгани”ни, чунки ушбу шартноманинг мамлакатга нисбатан шартлари бажарилмаганини айтди. Айни вақтда Гюмридаги Россия ҳарбий базасини ёпиш масаласи “кун тартибида эмас”, деди у.
Шунингдек, Пашинян Россия ҳукумати бир неча ой аввал “Арманистон аҳолисини ҳокимиятни тўнтаришга очиқдан-очиқ даъват этгани”ни қўшимча қилди. Шахсан унга қарши қаратилган Россия пропагандаси ҳам давом этаётганини қайд этди.
Бундан ташқари, у сафарбарликдан қочиб келган россиялик Дмитрий Сетраковнинг Арманистонда қўлга олинишини одам ўғирланиши деб атади. Декабрда у Гюмрида россиялик ҳарбийлар томонидан ушланган, сўнг у Россияга олиб кетилган эди. Сетраковга нисбатан жиноят иши очилгани хабар берилганди.
“Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қилолмаймиз”, — деди Никол Пашинян. Шунингдек, у “агар Ереваннинг талаблари жавобсиз қоладиган бўлса”, бунинг “оқибатлари” бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Шарҳлар