,

Арманистон Озарбайжонга ҳужум қилмаслик тўғрисида битим имзолашни таклиф қилди

Фото: Коммерсантъ

Арманистон бош вазири Никол Пашинян маълум қилишича, Ереван Бокуга ҳужум қилмаслик тўғрисида битим имзолашни таклиф қилган, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ҳужжат тинчлик шартномасини тузиш чўзилиб кетган тақдирда керак бўлиши тахмин қилинмоқда.

“Биз Озарбайжонга, шунингдек, чегараларни демилитаризация қилишни, қурол-яроғлар устидан ўзаро назорат механизмини киритишни ҳамда тинчлик ҳақидаги шартномани имзолаш кутилганидан кўра кўпроқ вақт оладиган бўлса, ҳужум қилмаслик ҳақида битим тузишни таклиф қилдик. Арманистон республикаси жаҳон кун тартибига амал қилади ва ундан оғишмайди”, — деди Пашинян Арманистон армияси кунига бағишланган йиғилишда.

Бош вазир Озарбайжон томонидан Арманистон армиясини ислоҳ қилиш юзасидан айтилган “агрессив баёнотлар”га жавоб қилди. Пашиняннинг фикрича, кучли ва жанговар қобилиятга эга армия тузиш — ҳар бир мамлакатнинг суверен ҳуқуқи. Унинг таъкидлашича, “агар кимдир бизнинг бу ҳуқуқимизни шубҳа остига қўйса, бизнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқимизни шубҳа остига олган бўлади”.

Пашинян Ереван “ўзининг суверен ҳудудидан бошқа” ҳеч қандай ҳудудга даъво қилмаслигига эътибор қаратди. Арманистон Озарбайжонга хавфсизликни кафолатлаш бўйича бир нечта механизмларни таклиф қилди. Улар орасида Арманистон ССР ва Озарбайжон ССР маъмурий чегараларидан иккала томон ҳам ўз қўшинларини олиб кетиши таклифи ҳам бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.