Арманистон ТИВ мамлакатда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласи фаол муҳокама қилинаётганини билдирди

Арарат Мирзоян
Фото: Radar Armenia

Арманистон ташқи ишлар вазири мамлакатда Европа Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли фаол муҳокама қилинаётганини маълум қилди.

“Охирги 3-4 йил давомида биз дуч келаётган барча муаммоларни инобатга олган ҳолда, Арманистонда мавжуд янги имкониятлар фаол муҳокама қилинмоқда. Агар бу қаторда Европа Иттифоқига аъзолик ғояси ҳам борлигини айтсам, сир очмайман”, – деди вазир Арарат Мирзоян Туркиянинг TRT World телеканалига берган интервьюсида.

Мирзоян Европа Иттифоқи ва АҚШ Арманистонда демократик ислоҳотларни олға сураётганини таъкидлади. Вазирнинг айтишича, мамлакат учун ҳамкорлар ва иттифоқчилар доирасини кенгайтириш муҳим.

“Биз Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларни чуқурлаштирмоқдамиз, шу билан бирга анъанавий алоқаларни сақлаб қоламиз, ёки, масалан, Шарққа боқяпмиз. Биз Ҳиндистон билан алоқаларни ўтнатяпмиз… Қўшниларимиз билан муносабатларни тартибга солиш ҳам устувор вазифадир”, — дея қўшимча қилади Арманистон ТИВ раҳбари.

Мамлакат расмийлари февраль ойи охиридан бери Арманистон Европа Иттифоқи билан муносабатларни чуқурлаштиришга ва ЕИ аъзолигига номзод бўлишга тайёрлигини айтиб келади. Hraparak нашрининг хабар беришича, Арманистон бош вазири Никол Пашинян  бу масалани депутатлар билан ёпиқ мажлисда муҳокама қилган. Журналистларга кўра, Пашинян куздан кечиктирмай Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза бериш режасини маълум қилган.

2024 йил февраль ойида Арманистон ҳукумати республиканинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) аъзолиги музлатилганини эълон қилганди. 6 март куни Арманистон Россияга ФХХ чегарачиларининг Ереван аэропортидаги ишини тўхтатиш ҳақида расмий хат юборди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.