Арманистонда тўртта қишлоқ Озарбайжонга берилиши туфайли намойишлар бўлиб ўтмоқда (видео)
27 май куни эрталаб бутун Арманистон бўйлаб норозилик акциялари бошланди, деб ёзади Медуза.
Намойишчилар Ереван-Армавир автотрассасини ва Ереван-Аштарак йўлини тўсиб қўйган (биринчи автомагистраль Россияга олиб боради, иккинчиси эса Эронга). Шунингдек, Еревандаги кўчалар ҳам тўсиб қўйилган.
Активистлар Арманистон бош вазири Николь Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Норозиликлар Озарбайжонга Арманистоннинг Тавуш туманидаги тўртта қишлоқ берилгани туфайли бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ҳаракатига Арман апостоль черкови Тавуш епархияси раҳбари архиепископ Баграт Галстанян бошчилик қилмоқда, у мухолифат томонидан Арманистон бош вазири лавозими учун илгари сурилган.
Арманистон ИИВ маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 11 ҳолатига, полициячилар 226 нафар намойишчини қўлга олган.
26 май куни кечқурун намойишчилар Ереванда оммавий акция ўтказиб, ҳукумат раҳбари Пашинян истеъфосини талаб қилди. Улар бош вазирнинг уйигача юриб боришди, аммо ўша вақтда у Ереванда бўлмаган.
Шарҳлар