Қаршида 15 ёшли ўсмир бола газ қувурига осилган ҳолда топилди
Боланинг жасади 31 март куни Кавали маҳалласида ўзи яшаб турган уйдан топилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, 15 ёшли ўсмир ошхонадаги газ қувурига илмоқ ўтказиб, кейин ўзини осиб қўйган.
Ўсмир бола 15-умумтаълим мактабининг 9-синфида ўқиган. Шунингдек, марҳум кечикиб туғилган бола бўлган. Отаси 72 ёшда, онаси 53 ёшда.
Воқеа юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида айтилишича, ўсмирнинг ўлимига юқори нафас йўлларининг сиқилишидан кейин механик асфикция сабаб бўлган. Боланинг танасида бўғилишдан бошқа ҳеч қандай жароҳат ёки шикастланишлар йўқ.
Марҳумнинг онаси тушунтириш хатида ўғлига ҳеч ким жисмоний ва маънавий зўравонлик қилмаганини, шунингдек, унинг ҳеч кимга даъвоси йўқлигини ёзган.
Мазкур факт юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар