Путин Асад билан учрашиб, уни Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувидан огоҳлантирди
Россия президенти Владимир Путин 24 июль куни Сурия президенти Башар Асад билан музокаралар олиб борди, учрашув Кремлда бўлиб ўтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Улар Яқин Шарқдаги вазиятни ва Россия-Сурия алоқаларини ривожлантиришни муҳокама қилди.
Бугун, 25 июль куни Кремл матбуот хизмати музокаралардан видеолавҳа эълон қилди. Учрашув бошида Путин Асад билан Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни муҳокама қилишни исташини айтган. Россия президенти вазият “кескинлашишга мойил” эканини таъкидлаган.
Шунингдек, музокараларнинг Путин томонидан белгиланган яна бир мавзуси — Россия ва Сурия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бўлди. “Ушбу соҳада истиқболли йўналишлар бор, аммо икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка нисбатан саволлар жуда кўп, — деди Путин. — Умид қиламанки, буни ҳам сиз билан муҳокама қила оламиз”.
Асад, ўз навбатида, ўтган ўн йил ичида Сурия ва Россия “жуда мураккаб синовлардан ўтгани”ни, бироқ улар орасидаги муносабатлар “ишончли даража”да сақланиб қолганини қайд этди. “Бугунги кунда бутун дунёда ва Евросиё минтақасида юз бераётган воқеаларни ҳисобга олганда, бизнинг бугунги учрашувимиз ушбу воқеалар ривожи тафсилотларини, эҳтимолий истиқболлар ва сценарийларни муҳокама қилиш учун ўта муҳим ҳодисадир”, — деди у.
Башар Асад раҳбарлигидаги Сурия делегацияси Москвага охирги марта 2023 йил мартида ташриф буюрган эди.
Шарҳлар