Ашхободда давлат хизматчилари касбга яроқлилик бўйича имтиҳон ўрнига президентнинг таржимаи ҳолини айтиб бериши керак бўлган

Фото: Радио Озодлик

Ашхободда аттестациядан ўтаётган айрим вазирлик, идора ва давлат компаниялари ходимлари касбига оид саволлар ўрнига мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таржимаи ҳолини билиш бўйича имтиҳон топширишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар беради.

ОАВ маълумотларига кўра, жорий йилда аттестация Транспорт ва коммуникациялар агентлиги, “Туркманнефт” концерни, Соғлиқни сақлаш, таълим ва меҳнат вазирликларида бўлиб ўтган. Ҳамма жойда касбга яроқлилик имтиҳонининг асосий қисмини республика раҳбарига оид саволлар ташкил этди.

Имтиҳончиларни Сердар Бердимуҳамедовнинг таржимаи ҳоли, шунингдек, унинг оиласининг таниқли аъзолари ҳақидаги фактлар қизиқтирган. Давлат хизматчиларидан президент қаерда туғилгани ва ўқигани ва у ёзган китобларнинг мазмунини қайта айтиб бериш сўралган.

“ХТ” мухбирларининг аниқлик киритишича, давлат секторининг кўплаб ходимлари бундай аттестациядан ҳайрон қолишган, чунки улар касбий маҳорат ва иш масъулияти ҳақидаги саволларга жавоб беришмоқчи эди. Олий ўқув юртларида яхши ўқимаган ва диплом сотиб олган туркманлар, имтиҳонга астойдил тайёргарлик кўрган.

Журналистлар Бердимуҳамедовнинг таржимаи ҳолини билиш синовидан давлат хизматчиларининг ҳаммаси ҳам ўта олмагани ҳақида ёзишади. Қолаверса, бошқарма ва компаниялар раҳбарлари имтиҳондан ўта олмаган қўл остидагиларни лавозимини пасайтириш ва маошини камайтириш билан таҳдид қилган. Бироқ, кўп ҳолларда, бундай фуқароларга қайта аттестациядан ўтиш учун ариза бериш ва саволларнинг асосий мавзуларини аллақачон билган ҳолда унга яхши тайёргарлик кўриш тавсия этилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.