Путин Россия ва КХДР алоқалари учун асос бўладиган ҳужжат тайёрланганини айтди
Россия президенти Владимир Путин КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан музокаралар бошида Россия ва Шимолий Корея муносабатлари асосини ташкил қиладиган янги ҳужжат тайёрлангани ҳақида маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Путин ҳеч қандай тафсилотларни келтириб ўтмади, аммо ҳужжат кўп йиллик давр учун мўлжалланганига аниқлик киритди.
“Ўтган йили сизнинг Россияга ташрифингиз натижасида биз бугунги кундаги давлатлараро алоқаларимиз қурилишида аҳамиятли даражада илгариладик. Бугун эса узоқ муддатли истиқболда алоқаларимиз асосида ётадиган янги фундаментал ҳужжат тайёрлаб қўйилди”, — деди Россия президенти.
Икки мамлакат етакчиларининг кенг таркибдаги музокаралари Пхеньяндаги Кимсусан қароргоҳида ўтказилиб, бир ярим соатдан кўпроқ давом этди. Иккала етакчи ҳам матбуот учун қисқа баёнотлар билан чиқиш қилди, шундан сўнг улар юзма-юз мулоқот қилмоқчи. Владимир Путин Шимолий Кореяга кеча, 18 июнь куни етиб келди, унинг ташрифи икки кун давом этади.
Шарҳлар