Ҳиндистоннинг энг бой одами ўғли учун 350 млн долларлик тўй қилмоқда
Ҳиндистоннинг энг бой одами — 67 ёшли Мукеш Амбани ўғли Анант Амбанини уйлантирмоқда, деб ёзади “Zakon.kz”. Тўй бугун, 12 июль куни бошланиб, уч кун давом этади. Дабдабали тадбирга 350 миллион доллар сарфланмоқда.
Амбаниларга Encore Healthcare йирик фарматсевтика компанияси хўжайинининг қизи Радхика Мерчант келин бўлмоқда.
Таъкидланишича, тўй тантаналари футбол майдонидан 12 баробар каттароқ ҳудудда ташкил қилинмоқда, бунинг учун ҳаттоки ушбу тумандаги йўл ҳаракати тўсиб қўйилади.
Шунингдек, меҳмонлар рўйхати Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, вазирлар ва парламент депутатларидан ташқари, Болливуд юлдузларини ҳамда опа-сингил Кардашянларни ҳам ўз ичига олади. Меҳмонларни олиб келиш учун Амбани учта Falcon 2000 самолётини ёллаган.
Тадбир учун жами 100 дан ортиқ хусусий самолёт жалб этилади.
Бундан ташқари, тўйдан аввал ҳам қимматбаҳо тантаналар ўтказилди. Дастлаб, келин-куёв Ҳиндистонда уч кунлик ҳашаматли байрам ташкил қилди, унга Ҳиллари Клинтон, Билл Гейтс, Марк Сукерберг, Иванка Трамп ва бошқа машҳурлар ташриф буюрди.
Шундан кейин эса жуфтлик мингдан ортиқ одамни Ўртаер денгизи бўйлаб яхтада саёҳатга таклиф қилди. Ушбу тўй аллақачон “аср тўйи” деб аталмоқда.
Шарҳлар