Ассанж суд залида озод қилинди, унинг иши расман тугатилди
АҚШ Федерал округи судmяси Сайпан оролида WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж ва АҚШ Адлия вазирлиги ўртасидаги битимни маъқуллади, унинг доирасида Ассанж жосуслик тўғрисидаги қонунни бузганлик айбловини қисман тан олди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар бермоқда.
Судья журналистни у Буюк Британия қамоқхонасида ўтаб бўлган муддатга ҳукм қилди ва иш ёпилганини эълон қилди. Британиядаги америкалик адвокатлар Ассанжни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровни қайтариб олди.
WikiLeaks асосчисининг адвокати Женнифер Робинсон 26 июнни “14 йиллик юридик жангларга якун ясаган” ва “21-асрда АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишга нисбатан энг катта хавф деб тан олинган” ишга нуқта қўйган “тарихий кун” деб атади.
Мажлисда судья Ассанждан у қилган жиноят айнан нимадан иборат бўлгани ҳақида сўради. “Журналист сифатида ишлаб, мен ўз манбамни махфийлаштирилган деб даъво қилинган ахборотни тақдим этишга ундадим”, — дея жавоб берди Ассанж. Шу билан бирга, у АҚШ Конституциясига киритилган, сўз ва матбуот эркинлигини кафолатловчи биринчи тузатиш унинг журналистик фаолиятини “ҳимоя қилгани”ни таъкидлади. “Ўйлашимча, биринчи тузатиш ва жосуслик тўғрисидаги қонун бир-бирига зид”, — деди журналист.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лондон Олий суди 2019 йилдан буён Лондоннинг Белмарш қамоқхонасида сақланиб келган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни гаров эвазига озод этганди.
WikiLeaks — Жулиан Ассанж томонидан 2006 йилда асос солинган сайт бўлиб, махфий маълумотларни эълон қилишга ихтисослашган. 2010 йилда сайтда Ироқ ва Афғонистондаги низоларга алоқадор маълумотлар жойланган. АҚШ журналистга махфий ахборотни фош қилганлик ва уни қўлга киритиш учун тил бириктирганлик учун 18 та модда бўйича айбловлар эълон қилди. Ушбу айбловлар бўйича у 175 йилга қамоққа ҳукм қилиниши керак эди.
2012 йил июнидан Жулиан Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонаси ҳудудида яшаган. 2019 йил апрелида Эквадор уни дипломатик бошпанадан маҳрум қилди. Шундан кейин WikiLeaks асосчиси Британия полицияси томонидан қўлга олинди, сўнг Белмарш қамоқхонасига ўтказилди. Ўшандан буён у АҚШга экстрадиция қилинмаслик учун курашиб келаётган эди.
Шарҳлар