Байден амакисининг жасади Янги Гвинеяда каннибаллар сабабли топилмаган деб ҳисоблайди

Фото: живая кубань

АҚШ президенти Жо Байден америкалик ҳарбийлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида Янги Гвинея яқинида авиаҳалокатда ҳалок бўлган амакиси Эмброуз Финнеганнинг жасадини канибаллар сабабли топа олмаганини айтади. Президентнинг сўзларини Оқ уйнинг матбуот хизмати келтирган.

“Менинг Эмброуз амаким […] разведка мақсадида жанговар зоналар устида бир моторли самолётларда учарди. Уни Янги Гвинеяда уриб туширишган, унинг жасадини топишмаган, чунки Янги Гвинеянинг бу қисмида ҳақиқатан ҳам одамхўрлар жуда кўп эди”, – деди Байден 1 апрель куни Питсбургдаги тадбирда.

CNN телекомпаниясининг қайд этишича, Байденнинг версияси АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан чоп этилган ҳисоботдан фарқ қилади. Пентагон маълумотларига кўра, Финнеганнинг самолёти ўша пайтда Австралия томонидан бошқариладиган Янги Гвинеяга курьерлик рейси билан кетаётган бўлган ва “номаълум сабабларга кўра” орол қирғоқларида “фавқулодда сувга қўнишга мажбур бўлган”. Қайд этилишича, бортдаги уч киши “чўкиб кетган самолётдан чиқа олмаган ва ҳалокат натижасида ҳалок бўлган”. Эртаси куни ҳаводан амалга оширилган қидирув «йўқолган самолёт ёки экипаж аъзоларининг изларини аниқлай олмаган». Самолёт ҳалокатида фақат экипажнинг бир аъзоси омон қолган.

Оқ уй Байденнинг каннибаллар Финнеганнинг қолдиқларини топишга тўсқинлик қилгани ҳақидаги баёноти ҳақида батафсил маълумот бермади, деб ёзади CNN.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.