Байден Ғазодаги жангларни олти ҳафтага тўхтатиш бўйича режа тайёрланаётганини маълум қилди
АҚШ шериклари билан биргаликда Исроил ва Фаластиннинг “ҲАМАС” ҳаракати ўртасидаги битим устида ишламоқда, у Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни олти ҳафтага тўхтатишни кўзда тутади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Иордания қироли Абдулла II билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“АҚШ Исроил ва “ҲАМАС” ўртасида гаровдагилар масаласи бўйича битим устида ишлаяпти, у жангларни камида олти ҳафтага тўхтатиб туришни назарда тутади. Биз бу вақтдан узоқроқ давом этадиган бошқа бирор нарса ишлаб чиқиш учун фойдаланишимиз ммукин бўларди”, — деди Байден матбуот анжуманида.
Жо Байден Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида у ерда яшаётган тинч фаластинликлар хавфсизлигини ҳимоя қилишни режалаштирмасдан туриб ҳарбий операция ўтказиши керак эмаслигини яна бир марта таъкидлади. Худди шу фикрни у 12 февраль куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон суҳбати чоғида айтиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ёппасига зарбалар берганди. Ҳудуди кичик бўлишига қарамай, у ерда юз минглаб одамлар жанговар ҳаракатлардан бекиниб яшаётганди. Ҳужум оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, яна 230 дан кўпи жабрланди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 7 октябрь куни Исроил ҳудудига Фаластин ҳаракатининг ҳужуми билан бошланганди. 1,2 минг исроиллик ҳалок бўлиб, 5,4 минги яраланди. Исроил бунга жавобан ҳарбий операция ўтказмоқда, қарийб 28 минг фаластинлик ҳалок бўлиб, 67 мингдан зиёди жабрланди. Ғазо секторида ўлдирилганларнинг кўпчилиги — аёллар ва болалардир.
Шарҳлар