Байден Конгрессни Туркияга F-16 қирувчиларини сотишни “зудлик билан” маъқуллашга чақирди
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти АҚШ Конгрессига хат юбориб, Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотишни “зудлик билан” маъқуллашга чақирди, деб хабар бермоқда Reuters америкалик мансабдорларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, Байден Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилиш жараёнини якунлаши билан қирувчиларни сотиш жараёнини бошламоқчи.
Жо Байден маъмурияти ўз мактубида 20 миллиард долларлик F-16 қирувчилари (сонига аниқлик киритилмаган) ва уларнинг модернизация тўпламларини сотишни маъқуллашга даъват этган. Бу орада АҚШ Давлат департаменти Туркияни Швециянинг аризасини иложи борича тезроқ ратификация қилишга чақирган.
Давлат департаменти матбуот котиби Ведант Пател 24 январь кунги брифингда Туркияга F-16 етказиб берилиши юзасидан тафсилотларни келтиришдан бош тортган эди. “Конгресс қурол-яроғ сотиш бўйича битимларни кўриб чиқишда бош ролни ўйнайди, лекин Конгресс бу ҳақда расман хабардор этилмагунича, мен қурол-яроғ сотиш ёки тақдим этиш бўйича таклиф этилган битимлар юзасидан ҳеч нарсани тасдиқламайман ва олдинга ўтиб кетмайман”, — деди у.
Швециянинг НАТОга қўшилишига қўйилган ветони олиб ташлаш бўйича шартлардан бири Анқарага Америка қирувчиларини етказиб беришдан иборат эди: 2021 йил октябридаёқ Туркия АҚШга мурожаат қилиб, 40 та F-16 қирувчиларини ҳамда ўзларида бор ҳарбий самолётлар учун 79 та модернизация тўпламларини сотишни сўраган эди.
Америка қонун чиқарувчилари ўшанда уларни сотишга тўсиқ қўйиб, ўз қарорларини Туркияда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани билан изоҳлаганди. 2023 йил декабрида Жо Байден Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан суҳбатда Конгрессга босим ўтказиб, қонун чиқарувчиларни F-16 самолётларини сотишни маъқуллашга кўндиришга ваъда берганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия парламенти Швецияни НАТО таркибига қабул қилиш ҳақидаги баённомани ратификация қилишни ёқлаб овоз берди. Энди ҳужжат мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга юборилади, у яқин кунларда уни имзолаши керак бўлади.
Шарҳлар