КХДР Япон денгизига қарата 10 та баллистик ракета учирди
Шимолий Корея Япон денгизига қарата ракета учирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Дастлаб Yonhap агентлиги битта баллистик ракета учирилгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси 10 га яқин кичик масофали баллистик ракеталар парвози ҳақида маълум қилди.
“Шимолий Корея синовлар баҳонаси остида баллистик ракеталар иштирокида провокациялар олиб боришда давом этмоқда, аммо уларнинг бундай катта миқдорда учирилиши ноодатий ҳол. Ҳарбийлар батафсил хусусиятларни, шу жумладан, ракета модели ва парвоз масофасини таҳлил қилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ракеталар денгизга, Япония иқтисодий зонасидан ташқарига қулаган.
Эслатиб ўтамиз, 27 май куни Шимолий Корея ҳарбий сунъий йўлдош ортилган элтувчи ракета парвози муваффақиятсиз кечгани ҳақида хабар берганди. Ракета ҳавода портлаб кетган. Май ойида аввалроқ ҳам Шимолий Корея кичик масофали бир нечта баллистик ракеталарни учирган, улар Корея ярим ороли ва Япония ўртасидаги денгизга келиб тушган эди.
Шарҳлар