Байден импичмент ҳақидаги иш бўйича ўз кўрсатмаларини беришдан бош тортди
Оқ уй АҚШ Вакиллар палатасининг назорат бўйича қўмитаси раиси Жеймс Комерни президент Байден қўмитадаги эшитувлар чоғида импичментга оид суриштирув доирасида кўрсатмалар бермаслиги ҳақида хабардор қилди, деб ёзади CNN.
“Сизнинг импичмент ҳақидаги иш бўйича суриштирувингиз якунланган. Биз президент Байденга кўрсатмалар бериш учун қилган таклифингизни рад этамиз”, — дейилади президент маслаҳатчиси Ричард Саубер йўллаган хатда.
Унинг сўзларига кўра, Байден “ҳеч қандай ёмон иш қилмаган”. Саубер Комерни “ёлғон ва тасдиқланмаган айбловлар”ни тарқатишда айблади.
Март охирида АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар Байденни 16 апрель куни назорат қўмитаси қаршисида оиласининг бизнес операциялари ҳақида кўрсатмалар беришга таклиф қилганди.
Республикачилар бир неча ойлардан буён импичмент бўйича суриштирув олиб бормоқда, у асосан Байденлар оиласининг бизнес келишувларига қаратилган бўлиб, Жо Байденнинг вице-президент давридаги хатти-ҳаракатлари ва ўғли Хантернинг фаолияти ўртасидаги алоқани топишга уринмоқда.
Шарҳлар