Байден Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонунни имзолади
АҚШ президенти Жо Байден Украинага 61 миллиард доллар ҳажмида ҳарбий ёрдам ажратилишини кўзда тутувчи миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни имзолади, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда у Оқ уйдаги брифингда маълум қилди.
“Бу Америка учун яхши кун, бу европаликлар учун яхши кун, бу дунё учун яхши кун — ва бу муҳим аҳамиятга эга”, — деди Байден.
Унинг сўзларига кўра, қонуннинг имзоланиши нафақат Америка учун, балки бутун дунё учун хавфсизликни оширади, АҚШ иттифоқчилари учун эса ҳаётий муҳим кўмак ва ўзини ҳимоя қилиш имконияти демакдир.
АҚШ президенти қўшимча қилишича, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам етказиб беришни “яқин соатларда” бошлайди. “Биз Украинага ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар, артиллерия учун, ракета тизимлари учун, армия техникаси учун ускуналар юборишни бошлаймиз”, — дея аниқлик киритди Байден.
Украина учун 1 миллиард долларлик биринчи ёрдам пакетига ҳаво ҳужумига қарши мудофаа учун ракеталар, Stinger кўчма зенит-ракетали мажмуалар, Javelin танкка қарши тизимлар, HIMARS баравар ўт очиш ракета тизими учун қўшимча ўқ-дорилар, 155 миллиметрли артиллерия ўқлари, Bradley жанговар пиёда машиналари ва бошқа ускуналар кирди.
Шарҳлар