Байден АҚШ президенти сайловидан ўз номзодини олиб ташлади
АҚШ президенти Жо Байден янги муддатга қайта сайланишга ҳаракат қилмаслигини ва президент сайловидан ўз номзодини олиб ташлашини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У муддат охиригача президент лавозимида қолишини таъкидлади. Байден, шунингдек, ўз вице-президенти Камала Харрисни давлат раҳбари сайлови учун номзод сифатида “тўлиқ қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.
“Фикримча, мен ўз номзодимни олиб, муддат охиригача президент сифатидаги мажбуриятларимни бажаришга диққат-эътиборимни қаратсам, ўз партиям ва мамлакатим манфаатлари йўлида ҳаракат қилган бўламан”, — дейилади президентнинг Х ижтимоий тармоғига жойланган расмий мурожаатида.
Унинг қайд этишича, АҚШ сўнгги уч йилда, яъни унинг президентлик даврида иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши ва бошқа соҳаларда “катта прогресс”га эришган, шунингдек, коронавирус пандемиясидан ўтган. АҚШ президенти ўз вице-президенти Камала Харрисга ҳам миннатдорлик билдириб, уни “иш бўйича ажойиб шерик” деб атади.
Сўнгги уч ҳафтадан буён Жо Байден унинг сайловолди кампанияси тугатилишини талаб қилаётган партиядошлари томонидан босимга дуч келаётган эди. Бунга Дональд Трампга қарши телемунозалардаги муваффақиятсиз чиқиши сабаб бўлди. Демократик партия ҳомийлари Байденнинг чиқишидан кейин унинг кампаниясига хайрия қилишдан бош тортган. АҚШда сайловлар 5 ноябрда бўлиб ўтади.
Шарҳлар