Байден Фаластиннинг бир томонлама тан олинишига қарши чиқади
АҚШ президенти Жо Байден мустақил Фаластин давлатининг бир томонлама тан олинишига қарши чиқмоқда, деб ёзади DW.
Байден “икки халқ учун икки давлат” концепциясининг қатъий тарафдори ҳисобланади ва ўзининг бутун сиёсий карьераси давомида шунинг тарафдори бўлиб келган. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Эдриенн Уотсон маълум қилди.
Оқ уй раҳбари Фаластин давлати “бир томонлама тан олиш йўли билан эмас, балки иккала томон билан тўғридан тўғри музокаралар орқали” яратилиши керак, деб ишонади, деди Уотсон. У Испания, Ирландия ва Норвегиянинг мустақил Фаластин давлатини тан олиш қарорини бевосита изоҳлаб ўтирмади.
Ўша куниёқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистларга ҳар битта мамлакат Фаластин давлатини тан олиш ҳақида мустақил қарор қабул қилиши мумкинлигини айтди.
Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху баъзи Европа мамлакатларининг Фаластин давлатини тан олиш нияти “терроризмни мукофотлаш” деб ҳисобланишини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Европанинг уч давлати — Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин мустақиллигини тан олиши ҳақида расман эълон қилди. Уларнинг қарори 28 майдан кучга киради. Ушбу хатти-ҳаракатларга жавобан, Исроил бу мамлакатлардан ўз элчиларини чақириб олишини маълум қилди.
Фаластин давлатини БМТга аъзо 193 мамлакатдан 143 таси расман тан олади, улар орасида Россия ва Хитой ҳам бор. Фаластин давлатчилигини АҚШ, Буюк Британия, Франсия, Германия ва Исроил каби мамлакатлар тан олмайди.
Шарҳлар