Байден коронавирусдан соғайганидан кейин биринчи марта омма олдига чиқди (видео)
АҚШ президенти Жо Байден коронавирус туфайли ўз-ўзини яккалаш режимини ўтказган Делавэр штатидаги қароргоҳини тарк этди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Журналистлар Оқ уй раҳбарини Вашингтонга учиб кетишдан олдин самолёт зинасидан кўтарилаётган пайтида тасвирга туширди. Бу Байден сайловолди кампаниясидан чиқишини эълон қилганидан кейин омма олдида биринчи марта пайдо бўлишидир. Аввалроқ Вакиллар палатаси аъзоси Лорен Боберт президентдан тирик эканлигини исботлашни талаб қилганди.
Журналистларнинг ўз соғлиғи ҳақидаги саволларига президент жавоб бермади, бироқ бош бармоғини тепага қилиб кўрсатди, шундан сўнг зинадан кўтарилиб, самолётга чиқди. Президентни даволовчи шифокор Кевин O’Коннор Байден коронавирусга топширган охирги тест манфий натижа берганини маълум қилди. Шундай бўлса-да, Оқ уй раҳбари шифокорлар кузатуви остида қолади.
Жо Байден коронавирус билан касалланганидан кейин 17 июлдан буён омма олдига чиқмаган эди. Ўз номзодини олиб ташлаши ҳақида у 21 июль куни ёзма равишда маълум қилди. 22 июль куни ўз ўрнига номзодликка таклиф қилган вице-президент Камала Харриснинг нутқига аудиоалоқа орқали қўшилди.
Шарҳлар