Жо Байденнинг шифокори уни ўз вазифаларини бажаришга лаёқатли деб топди
АҚШ президенти Жо Байден Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказида ҳар йиллик тиббий кўрикдан ўтди. Унинг даволовчи шифокори Кевин O’Коннор Оқ уй сайтида эълон қилинган ҳисоботида маълум қилишича, Байден аввалгидек “президент вазифаларини муваффақиятли бажара оладиган ҳолатда”.
“Президент Байден — соғлом, фаол, бақувват 81 ёшли эркак, у аввалгидек президент мажбуриятларини, шу жумладан, ижро ҳокимияти раҳбари, давлат раҳбари ва бош қўмондон вазифаларини муваффақиятли бажаришга қодир”, — дейилади ҳисоботда.
8 февраль куни Жо Байден ноқонуний сақлаб келган махфий ҳужжатлар ҳақидаги ишни текшираётган АҚШ махсус прокурори Роберт Гур президентга нисбатан жиноий айбловлар эълон қилмасликни тавсия этган, буни суд маслаҳатчилари уни “хотираси паст кекса одам” сифатида қабул қилиши мумкинлиги билан изоҳлаганди. Иш бўйича ҳужжатларда айтилишича, Байден ўз сиёсий каръераси ва шахсий ҳаётига алоқадор кўплаб тафсилотларни қийинчилик билан эслай олади.
12 февраль куни вице-президент Камала Харрис The Wall Street Journal’га берган интервьюсида шундай зарурият юзага келса, АҚШ президенти вазифаларини бажаришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, WSJ манбаларига кўра, демократлар бўлғуси сайловларда Жо Байденни бошқа номзод билан алмаштириш бўйича жиддий музокаралар олиб боргани йўқ.
Аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги республикачи Кен Бак президент Жо Байденнинг руҳий лаёқати юзасидан саволлар туфайли, уни лавозимидан четлатишга даъват этган эди.
Шарҳлар