Байден ва унинг рафиқаси 2023 йилда 620 минг доллар ишлаб топди
АҚШ президенти Жо Байден ва унинг рафиқаси Жилл 2023 йилда 620 минг доллар ишлаб топган, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бу ҳақда Оқ уй солиқ декларацияларига таяниб маълум қилди. Ушбу суммадан 146,6 мингини Байденлар федерал даромад солиғи сифатида тўлаган (ставка 23,7%).
30,9 минг доллар маблағни Жо Байден ва унинг рафиқаси уйлари жойлашган Делавэр штатида солиқларга тўлаган. Шунингдек, Жилл Байден Виржинияда 3,5 минг долларлик солиқларни тўлаган. Ўтган йилда Байденлар 17 хил хайрия жамғармаларига 20 минг доллар ҳадя қилган. Шунинг 5 минг доллари уларнинг марҳум ўғли Бо Байден шарафига номланган жамғармага ўтказилган.
2022 йилда оиланинг даромади 579,5 минг долларни ташкил этган эди. Bloomberg қайд этишича, 2023 йилда даромадларнинг ошиши Жилл Байденнинг маоши кўтарилиши билан боғлиқ — у Шимолий Виржиниядаги жамоат коллежида профессордир. Шунингдек, даромадлар ижтимоий таъминот нафақалари ошиши ҳисобига ҳам ўсган.
Шарҳлар