Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қабул қилинди
Остонадаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити Беларусни бирлашма таркибига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш маросими билан бошланди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари зарур ҳужжатларни имзолади, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев айтишича, Беларусь қисқа вақт ичида ташкилотда тўла ҳуқуқли иштирок этиш учун барча процедураларни амалга оширган. Шу билан мамлакат ташкилотнинг тўла ҳуқуққа эга бўлган ўнинчи аъзосига айланди. Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам худди шундай мақомга эгадир.
“Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзолик йўлидаги зарур жараёнларни бажарди”, — деди Тўқаев.
ШҲТ 2001 йилда Шанхайда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсадлари иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ишончи мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий соҳаларни ривожлантиришдан иборат. Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун 2022 йилда ариза берган.
Шарҳлар