Белгород областига дронлар ҳужумидан кейин беш киши жароҳатланди

Фото: DW (архив)

Белгород областининг Шебекино округидаги Вознесеновка қишлоғида камикадзе дрон йўлга қулаб тушди ва портлаб кетди, дея хабар беради DW.

«Қулаш ва портлаш натижасида учта машина шикастланган ва беш нафар тинч аҳоли, жумладан бир ўсмир яраланган», деб ёзади область губернатори Вячеслав Гладков 27 апрель, шанба куни Телеграм каналида.

Гладковнинг сўзларига кўра, жароҳатланган 17 ёшли қиз область болалар клиник шифохонасига ётқизилган, унинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Зарар кўрган автомашиналардан бирининг ҳайдовчиси жароҳатлар билан оғир аҳволда область клиник шифохонасига етказилди, дея қўшимча қилади Белгород областининг раҳбари.

Бир неча соат олдин Гладков эрталаб Вознесеновка қишлоғига бешта камикадзе дрон ҳужум қилгани, натижада трактор ва дон ташувчи машина шикастлангани, механизатор жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. Губернатор ҳужумда Украина Қуролли кучларини айблади.

Украина ҳарбийлари Белгород областининг ўққа тутилишига изоҳ бермади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.