Парижда Олимпия ўйинлари чоғида “вазиятни беқарорлаштириш”ни режалаштирган Россия фуқароси қўлга олинди
Парижда Олимпия ўйинлари чоғида “беқарорлаштирувчи” тадбирларга тайёргарлик кўришда гумонланиб, Россия фуқароси қўлга олинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. 40 ёшли россиялик тергов изоляторига юборилди, Париж прокуратураси суриштирув бошлади. Эркакнинг квартирасида тинтув ўтказилди.
Франция ИИВ Ички хавфсизлик бош бошқармаси Россия фуқаросини бир неча кун давомида кузатган, 21 июль куни эса унинг квартирасига келиб, тинтув ўтказишган ва уни изоляторга жўнатишган. 23 июль куни унга “Францияда нафрат алангасини ёқиш мақсадида разведка маълумотларини хорижий давлатга узатиш” айблови эълон қилинган.
Ушбу айблов бўйича эркак 30 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин. Тинтув чоғида “беқарорлаштирувчи операциялар”га оид “тахминий режалар бўйича далиллар” топилган. Аммо прокуратурада “режалаштирилаётган ҳужум” ёки терроризм борасида далиллар йўқ.
Олимпиада Парижда 26 июль куни бошланиб, 11 августда тугайди. Франция ИИВ 870 мингта маъмурий суриштирувлар олиб борган ва унинг натижаларига кўра, 3922 кишини тадбирларга киритмаган. Шунингдек, баъзи россиялик журналистларнинг Олимпиадани ёритиш ҳақидаги сўровлари рад этилган.
Шарҳлар