“Берил” довули Юнион оролидаги деярли барча уйларни вайрон қилди, энди у Ямайка томон ҳаракатланмоқда

Фото: BBC

Кариб денгизида шаклланган “Берил” довули душанба куни Гренада ва Сент-Винсент орол давлатлари ҳамда Гренадин оролларига ҳалокатли зарбалар берди ва Ямайка томон ҳаракатланишда давом этмоқда.

“Довул Сент-Винсент ва Гренадин ороллари таркибига кирувчи Юнион оролидаги деярли барча биноларни вайрон қилди. Натижада орол аҳолисининг катта қисми бошпанасиз қолди”, – дейди Би-Би-Сига маҳаллий аҳолидан бири Катрина Кой.

Юнион оролида 3 мингга яқин одам яшайди, унинг узунлиги тахминан беш километр ва кенглиги бир ярим километрни ташкил қилади.

“Бизда деярли бутун бинолар қолмади. Уйлар вайрон бўлган, йўллар тўсилган, кўчаларда электр устунлари ётибди”, – дейди у.

АҚШ Миллий довулларни кузатиш маркази чоршанба куни Ямайка “ҳаёт учун хавфли шамол ва бўронлар”га дучор бўлишидан огоҳлантирмоқда. Шамол тезлиги соатига 250 км га етиши кутилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.