Павел Дуров унинг 100 дан ортиқ биологик фарзандлари борлигини маълум қилди
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров бир неча йил аввал сперма донорига айланганини, энди эса унинг 12 та мамлакатда 100 дан ортиқ биологик фарзандлари борлигини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У ўз фарзандлари бир-бирини топиши осон бўлиши учун, ўз ДНК-кодини ошкор қилмоқчи.
Павел Дуров ўз Telegram-каналида ёзишича, 15 йил аввал унга бир дўсти мурожаат қилиб, сперма беришни сўраган, чунки у рафиқаси билан фарзанд кўришда муаммоларга дуч келган. Кейинроқ эса клиника раҳбари ундан аноним тарзда бошқа эр-хотинларга ҳам ёрдам бериш учун кўпроқ биологик материал топширишни таклиф қилган. Дуровнинг сўзларига кўра, унинг ўзи ҳеч қачон оила қурмаган.
“Менинг донорлигим шарофати билан 12 та мамлакатда юздан ортиқ оилалар фарзандли бўлди. Анчадан буён донорлик қилмаётган бўлсам-да, ЭКО клиникаларидан камида биттасида ҳалигача менинг музлатилган биологик материалимдан аноним фойдаланилмоқда. Энди эса мен ўз ДНК-кодимни ошкор қилмоқчиман, токи менинг биологик фарзандларим бир-бирини топиши осонроқ бўлсин”, — деб ёзди Дуров.
Шарҳлар