Бир қанча давлатлар «UNRWA»нинг Исроилда тақиқланишига қарши
Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш бўйича агентлиги (UNRWA) фаолиятини жиддий чекловчи қонун лойиҳаларидан “чуқур хавотир”далигини билдирмоқда. Бу ҳақда ушбу мамлакатлар ташқи ишлар вазирликларининг қўшма баёнотида айтилади.
“UNRWA Ғазо сектори, Шарқий Қуддус, Ғарбий қирғоқ ва бутун минтақадаги фаластинлик қочқинларга муҳим ва ҳаётни сақлаб қоладиган гуманитар ёрдам ва зарур хизматларни тақдим этади. Унинг иши бўлмаса, бу ёрдам ва хизматларни тақдим этиш, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва Ғазода ёқилғи тақсимлаш жуда қийинлашади”, — дейилади Британия Ташқи ишлар вазирлиги 27 октабрь куни эълон қилган баёнотда.
Вазирлар Исроил ҳукуматини халқаро мажбуриятларини бажаришга, яъни «UNRWA»нинг Ғазо аҳолисига барча шаклларда тўлиқ, тез, хавфсиз ва чексиз гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича имтиёз ва иммунитетларини сақлаб қолишга ва барча зарур ёрдамни кўрсатишга чақирди.
Шарҳлар