Украина ва АҚШ 10 йил муддатга хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битим имзолади
АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Владимир Зеленский 13 июнь куни Украинанинг Россия ҳужумига қарши ҳимоясини кучайтиришга қаратилган хавфсизлик тўғрисидаги 10 йиллик икки томонлама битимни имзолади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Италиядаги G7 саммити доирасида имзоланган келишув Украинанинг НАТОга эҳтимолий аъзолиги йўлидаги илк қадамга айланиши кўзда тутилган, бу ҳақда битим матнида айтиб ўтилган.
“Томонлар шуни тан оладики, бу битим Украинанинг НАТО альянсига эҳтимолий аъзолигига кўприк вазифасини ўтайди”, — дейилади матнда.
Келишувда қайд этилишича, Украинага нисбатан қуролли ҳужум ёки шундай таҳдид бўлган тақдирда, АҚШ ва Украина олий мансабдор шахслари 24 соат ичида учрашиб, жавоб кўрсатиш чораларини муҳокама қилади ва Украинада мудофаа соҳасида қандай қўшимча эҳтиёжлар борлигини аниқлайди.
“Украина хавфсизлигини таъминлаш учун иккала томон ҳам тан оладики, Украинага НАТО стандартларига мос келувчи кучли ҳарбий кучлар, ишончли имкониятлар ва унинг мудофаа-саноат базасига барқарор инвестициялар керак”, — дейилади матнда.
Шарҳлар