«Биз Россия қандай қилиб бегона сайловларга аралашиши мумкинлигини биламиз»: Грузия президенти Sky News каналига интервью берди
Грузия президенти Саломе Зурабишвили Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида Грузияда парламент сайловлари 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтишини айтди ва “биз Грузиядан анча кучлироқ мамлакатлар тажрибасидан Россия қандай қилиб сайловларга аралашиб, гибрид уруш бошлаши мумкинлигини биламиз» деди.
Зурабишвили, шунингдек, Грузиядаги россияпараст гуруҳлар ҳақида гапириб, Россия томонидан босиб олинган мамлакатда бундай гуруҳларнинг мавжудлигини «тасаввур қилиш қийин» эканлигини таъкидлади.
“Мамлакатда буни очиқ айтмайдиган россияпараст гуруҳлар бор, бу гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш оқимлари ва Ғарбга қарши ташвиқотнинг айрим шакллари бор”, – деди президент.
Суҳбатда у Грузиянинг Европа Иттифоқига номзодлик мақоми ва Европа Иттифоқига интеграциялашув истиқболлари муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Грузия ва Украина Европа Иттифоқи томон “бир йўлда”.
27 февраль куни Саломе Зурабишвили Буюк Британияга сафар қилди, у ерда у Chatham House Қироллик халқаро муносабатлар институти томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этади. Бу Лондонда жойлашган Британия таҳлил маркази бўлиб, асосий халқаро муаммолар ва долзарб воқеаларни таҳлил қилиш ва тушунишга ёрдам беради.
Аввалроқ, 19 февраль куни Грузия президенти Германиянинг Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида Россия таҳдидлари ҳақида гапирган эди.
“Грузия-Россия муносабатларида ўзгариши мумкин бўлган ягона нарса бу Россиянинг барча босиб олинган ҳудудларни тарк этиши”, – дейди Зурабишвили DW журналистининг Дональд Трамп яна АҚШ президенти бўлса, Грузия-Россия муносабатлари ўзгарадими, деган саволига жавоб берар экан.
Бу интервьюда Зурабишвили, шунингдек, Россия 2024 йилда Грузиядаги парламент сайловларига аралашиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Шарҳлар