Блогера ва коуч Аяз Шабутдинов расман фирибгарликда айбланмоқда
Блогер, бизнес-тренер ва “Like Центр” бизнес мактабининг асосчиси Аяз Шабутдинов 73 та эпизод бўйича фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар беради.
“Янги эпизодлар душанба куни тақдим этилди. Тергов Шабутдиновни 73 та эпизод бўйича фирибгарликда айбламоқда”, — деди адвокат.
Бугун Москванинг Таганский суди терговнинг Шабутдиновнинг қамоқ муддатини узайтириш ҳақидаги илтимосини кўриб чиқади.
Шабутдинов 2023 йил 3 ноябрда ҳибсга олинган ва эртаси куни пойтахт суди уни тергов изоляторига жўнатган. Бизнес-тренер ва “Like Центр”асосчиси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (уюшган гуруҳ томонидан ўта катта ҳажмдаги фирибгарлик) бўйича айбланган.
Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Унинг ўзи айбини тан олмади.
Шабутдинов Forbes нашрига берган изоҳида ўзининг ҳибсга олинишини “тушунмовчилик” ва бизнес учун «носоғлом сигнал» деб атаган.
“Биз (“Like Центр”) – таълим компаниясимиз. Бизда Таълим вазирлигининг лицензияси, Рақамли ривожланиш вазирлигидан IT-компания сифатида аккредитация бор”, — дейди тадбиркор ўз адвокати орқали.
Прокуратура маълумотларига кўра, Шабутдинов ва унинг шериклари назорат остидаги компаниялар, жумладан, “Like Центр” номидан курслар, тренинглар ва вебинарларни сотишган, бу эса харидорларда муваффақиятли бизнес яратиш ва ортиқча даромад олиш борасида ёлғон умидлар уйғотган.
Destra Legal юридик хизматининг маълум қилишича, курснинг собиқ иштирокчилари хизмат орқали “Like Центр”га қарши 70 та даъво аризаси билан мурожаат қилган, ҳозирда 150 дан ортиқ ариза судгача бўлган босқичда турибди.
Яна бир гумондор ўқув курсларини сотувчи компания бош директори Василий Алексеев. У ҳозир халқаро қидирувга берилган.
Шарҳлар