Bloomberg: НАТО бош котиби Украинага 100 млрд долларлик ёрдам жамғармасини яратиш режасидан воз кечиши мумкин

Фото: Вести

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинага беш йилга мўлжалланган ва қиймати 100 миллиард доллар бўлган ҳарбий ёрдам фондини яратиш режасидан воз кечиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар беради. Столтенберг альянс аъзоларининг қаршиликларига дуч келди, дейди нашрга вазиятдан хабардор манбалар.

Янги таклифга кўра, НАТО давлатлари Украинага ҳалокатли ва ҳалокатсиз ёрдам учун йилига камида 40 миллиард евро (43 миллиард доллар) сарфлаш мажбуриятини олади. Май ойи охирида Прагада бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг, Столтенберг НАТО Украинага ҳар йили камида ҳозирги даражада – йилига тахминан 40 миллиард доллар, 2022 йилдан бошлаб ўртача йиллик ёрдам кўрсатиши кераклигини айтди.

Таклиф келаси ҳафта НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида муҳокама қилинади. НАТО ҳар бир мамлакат учун унинг ялпи ички маҳсулотга қараб миқдорларни белгилаши кутилмоқда, барча молиялаштиришнинг ярми Қўшма Штатларга тўғри келмоқда.

НАТО янги режа Киевга яқин йиллардаги ёрдам даражасини олдиндан айтиш имконини беради, деган умидда. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, альянс ноябрь ойида Дональд Трамп қайта сайланиши мумкинлиги ва бунинг Украинани молиялаштиришдаги оқибатларидан хавотирда.

Bloomberg суҳбатдошларининг қайд этишича, бу таклиф деярли барча иттифоқчилар томонидан қўллаб-қувватланган. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қарши.

Аввалроқ Столтенберг альянсга беш йил муддатга 100 миллиард долларлик ҳисса қўшиш режасини тақдим этган эди, бироқ иттифоқчилар лойиҳани шубҳа билан қарши олишганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.