БМТ Бош котиби: Яқин Шарқ аҳолиси ҳалокатли кенг кўламли можаро таҳдиди остида

Фото: DW

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Яқин Шарқда кенг кўламли можаронинг жиддий таҳдиди ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда.

14 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Гутерриш минтақада «максимал вазминлик»га чақирди. Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқ мамлакатлари Эроннинг Исроилга ҳужуми фонида «жар чекасидан чекиниши» керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби барча манфаатдор томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳимлигини ҳамда Ғазо секторида ўт очишни гуманитар тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

“На минтақа, на дунё бундан ҳам каттароқ урушни кўтармайди”, – дея хулоса қилди Гутерриш.

Исроил ва Эрон можаронинг кучайишида бир-бирини айбламоқда. Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Эроннинг ҳужумини «мисли кўрилмаган кучайиш» деб атади, Эрон эса уларнинг зарбаси ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати эканлигини ва фақат ҳарбий мақсадларни кўзлаганини таъкидлади.

14-апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди, бироқ ракеталарнинг аксарияти уриб туширилди. Зарбаларни Эрондан ташқари Ямандан ҳутийлар ва Ироқдан Эронпараст гуруҳлар ҳам уюштирган.

Можаро Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган зарбадан кейин авж олди. Эрон Исроилни қасос олиш билан таҳдид қилиб, минтақада кескинликни келтириб чиқарди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.