БМТ Халқаро суди Украинанинг геноцид тўғрисидаги Россияга нисбатан даъвосини кўриб чиқишни давом эттиради
БМТ Халқаро суди Украинанинг Россияга нисбатан геноцид тўғрисидаги конвенцияни қўллаш бўйича даъвосини кўриб чиқишни давом эттиради, деб хабар бермоқда Reuters. Киев ушбу даъвони 2022 йил 28 февралда киритганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги фикрича, Украина бу даъво билан ўзига ўзи зарар етказган.
Украина томони жанговар ҳаракатлар бошланганини геноцид тушунчасини манипуляция қилиш орқали оқлагани учун Россияни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Киевнинг даъвосида таъкидланишича, Москва уни Луганск ва Донецк вилоятларида геноцидда ёлғондан айбламоқда, шунингдек, у ушбу минтақалар мустақиллиги ҳақидаги референдумларни ноқонуний деб тан олишга чақирди.
Ушбу иш бўйича илк эшитишлар 2023 йил сентябрида Гаагада бўлиб ўтганди. Россия БМТ Халқаро суди даъвони кўриб чиқиш ҳуқуқига эга эмас, деб норозилик билдирди. Киевнинг далилларини хато деб атади ва ишни ёпишга чақирди.
БМТ Халқаро суди 2 февраль куни ўзини ишни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга деб қарор қилди. Судьялар Россиянинг даъвога нисбатан олтита норозилигидан бештасини рад этди, шунингдек, Киевнинг Украинага нисбатан айбловлар конвенциянинг бузилиши деб ҳисобланиши ҳақидаги даъволарини ҳам рад этди.
Россия ТИВ вакили Мария Захарова Киев ўз шикоятлари билан ўзини судланувчилар ўриндиғига ўтқизиб қўйганини маълум қилди. Аввалроқ у Москва халқаро суднинг холислигига ва мустақиллигига умид қилаётганини билдирганди. Россия делегацияси қарор эълон қилиниш жараёнида қатнашиши керак эди.
Шарҳлар