БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ил-76 ҳалокати юзасидан йиғилиши жума кунига белгиланди
БМТ Хавфсизлик кенгаши 26 январь, жума куни Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан йиғилиш ўтказади, деб хабар бермоқда BBC News.
Франция Россиянинг Белгород вилоятида қулаб тушган Ил-76 самолёти бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда мажлисини, Москванинг сўрови билан 24 январь, чоршанба кунга белгилашдан бош тортди.
Хавфсизлик кенгашида раислик қилаётган Париж уни 26 январь, жума куни ўтказишга рози бўлди, дея маълум қилди Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский.
Полянский мажлисни икки кундан кейин ўтказиш қарорини “Киев режимини ҳимоя қилишга уриниш” деб атади.
Аввалроқ Оқ уй Россиянинг Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан изоҳ беришдан бош тортган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса мамлакат Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан халқаро суриштирув олиб борилишини талаб қилиб туриб олишини айтганди.
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бортда 74 киши бўлган: Украина қуролли кучларининг 64 нафар асирдаги ҳарбийлари, олти нафар экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳлик қилувчи шахслар. Белгород губернатори Вячеслав Гладков уларнинг барчаси ҳалок бўлганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотлари бўйича, самолёт Харьков вилоятининг Липци аҳоли пункти ҳудудидан зенит-ракета мажмуаси ёрдамида ҳужумга учраган. Россия ТИВ ҳодисани теракт деб атади ва жавобгарликни Украинага юклади. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов маълум қилишича, 24 январь куни Россия ва Украина ўртасида “192 га 192” формуласи бўйича асирлар билан айирбошлаш бўлиб ўтиши керак эди: Ил-76 да 65 киши бўлган, қолганлар иккинчи самолётда юборилган, аммо у ҳалокатдан кейин ортга қайтарилган; унинг фикрича, Ил-76 Украина томонидан “бу айирбошлашувни йўққа чиқариб, сўнг бунда Россияни айблаш учун” уриб туширилган.
Украина ҳарбий разведкаси 24 январга асирлар алмашинуви белгиланганини тасдиқлади. Аммо Украина асирлар қайси йўналиш билан ва қай тарзда етказилиши ҳақида хабардор қилинмаган, шунингдек, Белгород ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмаган, “авваллари эса бир неча марта шундай қилинган”.
Шарҳлар