“Толибон” БМТ маърузачисининг Афғонистонга киришини тақиқлади
“Толибон” ҳаракатининг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннеттни тарғибот тарқатишда ва мамлакатдаги вазият ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатишда айблади, деб ёзади “Коммерсантъ”. У эндидан бошлаб Беннеттга Афғонистон ҳудудига кириш тақиқланишини айтди.
“Жаноб Беннеттнинг Афғонистонга сафарлари тақиқланади, чунки унга Афғонистонда тарғибот тарқатиш топширилган эди. У биз ишонадиган одам эмас. Энди унга бу ерга келишга рухсат этилмайди. У аҳамиятсиз муаммоларни бўрттириб кўрсатган ва уларни халқаро ҳамжамият орасида тарқатган”, — деди Забиҳулла Мужоҳид.
“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил августида эгаллаб олган эди. Ўша пайтдаги президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган.
Ричарт Беннетт 2022 йил апрелидан буён БМТнинг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси бўлиб келмоқда. Ўз маърузаларида у мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши, шу жумладан, афғон аёллари ҳуқуқлари чекланиши ҳолатларини кўп бора таъкидлаб келган.
Шарҳлар