Boeing компаниясининг раҳбари қатор ҳодисалардан кейин истеъфога чиқмоқда
Boeing компаниясининг бош ижрочи директори Д3вид Кэлхун 2024 йил охирида истеъфога чиқади. Кэлхун корпорацияга 2020 йил бошида раҳбар бўлганди.
Шунингдек, май ойида директорлар кенгашининг раиси Ларри Келлнер ҳам истеъфога чиқади, бу акциядорларнинг йиллик йиғилишидан кейин содир бўлади. Qualcomm компаниясининг собиқ бош директори Стив Моллекопф янги раис бўлади.
Шу билан бирга, Boeing фуқаролик самолётлари бўлими президенти ва бош директори Стэн Дил компанияни дарҳол тарк этади, унинг ўрнини Стефани Поуп эгаллайди. У аввалроқ корпорациянинг бош операцион директори этиб тайинланган эди.
Кадрларни ўзгартириш тўғрисидаги қарор компания авиалайнерлари билан боғлиқ техник муаммолар ва ҳодисалар фонида қабул қилинди. 737 МАХ самолётининг ташқи панеллари ва эшиклари йиртилиб, ғилдираклари тушиб кетган. Натижада, АҚШ Федерал авиация бошқармаси ушбу турдаги самолётларнинг эксплуатациясини тўхтатиб туришни ва уларни текширишни буюрди.
Шарҳлар