Боку Пашиняннинг Арманистонга ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги айбловларига жавоб берди
Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг гўёки Озарбайжон қўшни республикага ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлари асоссиз. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.
“Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан яна Озарбайжонга билдирилган асоссиз айбловлар атайлаб минтақада кескинликни келтириб чиқармоқда ва яна бир бор тинчлик жараёнига путур етказишга қаратилган”, — дейилади баёнотда.
Бокуга кўра, Ереван шу йўл билан воқеликни бузиб, халқаро ҳамжамиятни чалғитмоқчи. Ташқи ишлар вазирлиги Арманистонни тинчлик истиқболларига путур етказувчи баёнотлардан воз кечиб, Жанубий Кавказни тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш имкониятидан фойдаланишга чақирди.
Улашиш:
Шарҳлар