Қора денгиз флотининг 30 фоизи бой берилгач, Путин ҲДФ бош қўмондонини истеъфога юборди
Россия Ҳарбий-денгиз флоти (ҲДФ) бош қўмондони адмирал Николай Евменов истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда “Фонтанка” ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, бош қўмондон вазифасини вақтинчалик бажарувчи сифатида Шимолий флот қўмондони Александр Моисеев тайинланган.
Нашр қайд этишича, Моисеевнинг тайинлангани ҳақида шахсий таркибга маълум қилинган. Евменовнинг истеъфоси ҳақида “Известия” газетаси ҳам манбаларга таяниб ёзмоқда.
ҲДФ бош қўмондонининг алмаштирилиши Қора денгиз флотидаги кетма-кет йирик йўқотишлардан кейин амалга ошмоқда. У сўнгги бир ой ичидаёқ иккита кемасидан айрилди, уруш бошидан буён эса жанговар қудратининг деярли учдан бирини йўқотди.
Умумий ҳисобда икки йилдан буён давом этаётган урушда Россия 20 та кемасини бой берди. Украинага бостириб боришдан аввал Россиянинг Қора денгиздаги флотида 70 дан ортиқ кема бор эди.
Россия ҲДФ бош қўмондони ўзгаргани ҳақида расман хабар берилгани йўқ. ҲДФ матбуот хизмати нашрлар сўровларига жавоб бермаяпти.
Шарҳлар