Бош вазир Шайх Хасина қочиб кетганидан кейин Бангладеш парламенти тарқатиб юборилди
Шу тариқа, мамлакат президенти Шаҳобиддин Чуппу норозилик намойишига чиққан талабаларнинг асосий талабини бажарди. Президент маъмурияти томонидан эълон қилинган пресс-релизга кўра, Хасина истеъфога чиққанидан кейин миллий парламент муваққат ҳукумат тузиш учун тарқатиб юборилган.
Айни пайтда “Талабалар камситишларга қарши” ҳаракатининг етакчиси Ноҳид Ислом 2006 йилги Нобел тинчлик мукофоти лауреати, иқтисодчи Муҳаммад Юнусни муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинлашни таклиф қилди. Бутун дунёга танилган Юнус ўз мамлакатида “кенг тан олинган”, дейди у видеомурожаатида.
Бир кун аввал 170 миллионлик мамлакатни 15 йил бошқарган 76 ёшли Шайх Хасина Бангладешни тарк этди. Шу куни ҳукуматга қарши намойишчилар Хасинанинг расмий қароргоҳига бостириб киришди. Бангладешда июль ойида бошланган намойишлардан бери юзлаб одамлар ҳалок бўлган, полиция маълумотларига кўра, фақат 5 август куни намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда камида 109 киши ҳалок бўлган. Бангладешда ҳукумат ишлари учун квота тизимини бекор қилишга чақирувчи намойишлар июль ойида бошланган эди.
Шарҳлар