Бош вазир Жоржи Мелонининг бўйи ҳақидаги ҳазили учун италиялик журналист аёл 5 минг еврога жаримага тортилди
Италия суди журналист Жулиа Кортезени ижтимоий тармоқларда бош вазир Жиоржи Мелонининг бўйи ҳақидаги ҳақоратли ҳазиллари учун 5 минг евро тўлашга мажбур қилди.
Суд Кортезенинг иккита постини ҳақоратомуз деб топди ва уларни бодишейминг сифатида тавсифлади. Кортезе ўз постларида Мелонини «кичкина аёл» деб атаган ва сиёсатчининг бўйи пастлигини таъкидлаган.
Кортезе ва Мелони ўртасида кечган ижтимоий тармоқлардаги можаро 2021 йилда, ўнг қанот » Италия Биродарлари» партияси раҳбари Мелони мухолифатда бўлганида бошланган. Журналист Италия диктатори Бенито Муссолини портрети ёнида турган Мелонининг таҳрир қилинган суратини чоп этди.
Мелони сохта сурат эълон қилингани учун судга мурожаат қилишга ваъда берган. Кортезе расмни таҳрир қилганини тан олиб, уни ўчириб ташлаган, бироқ сиёсатчини уни қўрқитишга уринганлигида айблаган. У ўз постларидан бирида шундай деб ёзган:
«Сиз мени қўрқитолмайсиз, Жиоржи Мелони. Бундан ташқари, сизнинг бўйингиз бор-йўғи 1,2 м, мен сизни ҳатто кўра олмайман ҳам”.
Италия ОАВ маълумотларига кўра, Мелонининг ҳақиқий бўйи 163 см. Бош вазир Кортезедан олинган пулни хайрия ишларига беришини айтган.
Кортезе суд қарорини изоҳлар экан, Италия ҳукуматида сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар борлигини таъкидлаган. Бироқ унинг ўзи ҳам, унинг адвокати ҳам суд қарори устидан шикоят қилиш ниятида эканликларини ҳали маълум қилгани йўқ.
Шарҳлар