Бразилияда сиёсатчи теледебатлар пайтида рақибини стул билан урди
Бразилиянинг энг йирик шаҳри Сан-Паулу шаҳри мэри лавозимига номзод теледебатда рақиби уни стул билан уриб юборгани учун жиддий жароҳат олди, дея хабар беради G1 портали.
Якшанба куни TV Cultura томонидан ташкил этилган дебатлар иштирокчилари орасида Социал-демократик партиядан номзод Хосе Луис Датена ва ўнг қанот Меҳнатни янгилаш партияси вакили Пабло Марсал бўлган.
Воқеа сўроқ қилиш ҳуқуқини олган Марсал рақиби қачон “масхарабозлик”ни тўхтатиб, ўз номзодини қайтариб олишини сўраганидан кейин содир бўлган. Датена уни стул билан урган. Теледебат трансляцияси узилган.
Марсал касалхонага ётқизилган. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеода касалхона ходими номзоднинг қовурғаси синганини айтади. Унинг душанба кунги сайловолди тадбирлари бекор қилинган.
“Франс Пресс” агентлиги 37 ёшли Марсални мегаполис мэри лавозими учун курашни қўзғатган “сенсация” деб атамоқда. Сиёсатчи илгари мотивацион маърузачи ва шахсий ривожланиш бўйича мураббий сифатида танилган. Унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 25 миллионга етади.
Марсалнинг Бразилия иқтисодий пойтахтидаги сайловолди кампанияси тежамкорлик, ноқобил ходимларни давлат секторидан ҳайдаш ва энг камбағаллар учун иш ўринлари яратиш бўйича таклифларга қаратилган.
Шарҳлар